Шахмат тахтасидаги “янги қирол”
Шахмат тахтасидаги “янги қирол”

Бугун ўзбек спорти ихлосмандларининг нигоҳи Кипрнинг Пафос шаҳрига қаратилган. Бу ерда шахмат бўйича 2026-йилги Номзодлар турнири ўзининг энг қизғин палласига кирди. Турнир жадвалига қараган ҳар қандай киши ҳайратга тушиши аниқ: дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари йиғилган даврада 20 ёшли ўзбекистонлик йигит якка пешқадамлик қилмоқда.
Жавоҳир Синдоров 2005 йил 8 декабрда Тошкент шаҳрида, зиёлилар оиласида туғилган. Унинг шахматга кириб келиши тасодиф эмас. Бобоси ва ота-онаси ундаги иқтидорини эрта пайқашган. Жавоҳир 2018 йил Будапештдаги “First Saturday GM” турнирида учинчи гроссмейстерлик талабини бажариб, 12 ёш, 10 ой ва 5 кунлигида дунёнинг энг ёш халқаро гроссмейстерларидан бирига айланган эди. Ўшанда кўпчилик буни шунчаки омад деб ўйлаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан у ўзининг нималарга қодир эканлигини исботлади.
Кейинчалик Жавоҳир 2019-йилда Ўзбекистон чемпионига айланди, Ченнайдаги 44-шахмат Олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Унинг 2025-йилги Жаҳон кубогидаги ғалабаси эса бугун биз кузатаётган Номзодлар турнири эшикларини очиб берди. Мана шундай хизматлари учун у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони ва “Ўзбекистон ифтихори” медали билан тақдирланган.