“Сабантуй” – дўстлик байрами
“Сабантуй” – дўстлик байрами

Пойтахтимизда татар-бошқирд халқларининг “Сабантуй” – дўстлик, меҳнат, санъат ва спорт миллий байрами ўтказилди.
“Сабантуй” байрами муносабати билан Татаристон ва Бошқирдистон Республикаси раҳбарларининг самимий тилаклари билан Ўзбекистон халқига қутлов хабари ўқиб берилди.
Тадбирда “Сабантуй” турли миллатга мансуб Ўзбекистон фуқароларининг севимли байрами экани таъкидланди. Ушбу чинакам умумхалқ тадбирида байрамни кенг ва кўтаринки руҳда нишонлаётган турли миллат вакилларини учратиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси, Бошқирдистон, Татаристоннинг етакчи санъаткорлари ҳамда “Эделвейс”, “Изге Нур”, “Дуслик”, “Хандугастар”, “Мирас”, “Дуслик”, Агидел”, “Шатлиқ” ва бошқа бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида байрам концерти ташкил этилди.
Миллатлараро тотувлик ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон маданияти ва санъати, татар ва бошқирд маданият марказларининг бир қатор намояндалари Татаристон ва Бошқирдистон республикаларининг медаллари, фахрий унвонлари ва ҳукумат ташаккурномалари билан тақдирланди.
“Сабантуй” – “шудгор байрами” – татарлар ва бошқирдлар ўртасида баҳорги дала ишлари тугашини билдирувчи ҳар йили ўтказилувчи анъанавий байрам. Татар халқи ушбу байрам билан боғлиқ гўзал анъаналарни сақлаб қолиши билан бирга, уни бойитишга ҳам муваффақ бўлди. Шу сабабли “Сабантуй” ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.