Шаҳарсозликда халққа кафолати, қурувчига шароити ва интизом
Шаҳарсозликда халққа кафолати, қурувчига шароити ва интизом

Бугун Ўзбекистон аҳолиси энг тез кўпайиб бораётган мамлакатлардан бири саналади. Ҳар йили оилалар сони 250 минг атрофида кўпаймоқда. Одамлар шаҳарларга талпиняпти. Юртимизда шаҳар аҳолиси улуши 50 фоиздан ошиб кетди. Шаҳарлар эса режасиз, тарқоқ ривожланса, юқоридаги каби инфратузилмавий инқирозлар келиб чиқаверади.
Бугунги кунда республикамиздаги 8 минг 604 та аҳоли пунктидан бор-йўғи 2 минг 506 таси, яъни 29 фоизи бош режалар билан қамраб олинган,. Қолган 71 фоизида эса тизимли назорат суст эди.
«Шаффоф қурилиш», «E-auksion», «E-qaror», «Менинг уйим» каби электрон тизимлар бор эди. Лекин улар бир-бири билан «гаплашмасди». Яъни ягона база йўқ эди. Ер бир тизимда, лойиҳа бошқасида, рухсатнома эса мутлақо бўлак жойда шаклланарди.
Энди бу тизим тубдан ўзгаради. Янги тартибга кўра, соҳага «Уй-жой» ягона ахборот платформаси киритилади. Қурилиш жараёнларига ҳудуднинг, лойиҳанинг ҳамда объектнинг рақамли паспортлари жорий этилади. Рўйхатдан ўтмаган шаҳарсозлик ҳужжати юридик кучга эга бўлмайди. Бу эса ҳеч бир тадбиркор ўзбошимчалик билан келиб, маҳалла ўртасида ноқонуний бино кўтара олмаслигини англатади.