Рубоб ясаш ва ижрочилик санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Рубоб ясаш ва ижрочилик санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Парагвай пойтахти Асунсьон шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессиясида Инсониятнинг номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига Рубоб ясаш ва ижрочилик санъати киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу номзоднома Ўзбекистон, Афғонистон, Эрон ва Тожикистон давлатлари томонидан тақдим этилган. Ҳукуматлараро қўмитанинг қарорига мувофиқ, рубоб расман рўйхатга киритилди. Номзоднома ҳужжатлари Миллий комиссия котибияти томонидан Маданият вазирлигининг мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорликда тайёрланган.
Рубобнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши нафақат халқаро, балки миллий даражада ҳам унинг қадри ва аҳамияти ҳақида хабардорликни оширади. Шу билан бирга, уни аъзо давлатлар билан биргаликда асраш, авлодларга етказиш ва умумбашарий маданий меросни бойитиш имкониятини яратади.