Риштон -“Жаҳон ҳунармандлар шаҳри”

Риштон -“Жаҳон ҳунармандлар шаҳри”

 

enkenkueneknek.jpg

 

       Фарғона вилоятининг Риштон туманида Халқаро кулоллар форуми ташкил этилди. Унинг ишида 26 та давлатдан келган юздан зиёд кулоллар иштирок этишмоқда.

       Ҳозиргача Қўқон, Марғилон шаҳарлари жаҳон ҳунармандлар шаҳри деб эътироф этилган эди. Энди улар қаторига Риштон қўшилди.  

       Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал Каддумий Риштонни ҳунармандлар шаҳри деб эълон қилди ва бу ҳақидаги тегишли ҳужжатни топширди. Риштоннинг қизил тупроғи олтинга тенг, - деди Саад ал Каддуми. – бу эътироф йўлнинг охири эмас, аксинча, бошланишидир.  

       Риштонда Халқаро кулоллар марказида алвон тасма кесилиб “Анъанавий кулолчилик музейи ” очилди.  Шу ерда “Ўзбекистон бадиий кулолчилиги” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китобда юртимиз кулолчилик мактабларининг асрлар давомида шаклланган анъаналари, ўзига хос услублари ва ҳунармандларнинг бадиий мероси хақида батафсил маълумотлар жамланган.

       Шунингдек ”Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжуманда Польша, Покистон, Ҳиндистон, Туркия ва Ўзбекистондан 17 нафар мутахассис иштирок этди.

       Форум доирасида маҳаллий ва хорижий кулоллар маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилди. Кўргазмада Риштон кулолларининг минг йиллик тарихга эга анъанавий асарлари ҳамда замонавий ижодкорларнинг янги намуналари намойиш этилса, хорижий усталарнинг коллекциялари орқали кулолчиликнинг турли мактаблари тақдим этилди.