Президент Олимпиадасидан – жаҳон Олимпиадасига

Президент Олимпиадасидан – жаҳон Олимпиадасига

rvpvyvayayap.jpg

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Олимпия шаҳарчасидаги стадионда Президент Олимпиадасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Катта спорт байрамига чорлов мусиқаси янгради. Стадионга ҳудудий саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган спортчилар ва жамоалар, жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари чемпионлари чиқиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Бугун Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган мана шу муаззам Олимпия шаҳарчасида сизлар билан бирга Президент Олимпиадаси ўйинларига старт бермоқдамиз. Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган, бутун юртимиз ёшларини олимпия ҳаракатининг эзгу ғоялари асосида бирлаштираётган ушбу спорт байрами барчамизга муборак бўлсин!  Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг спорт тарихини юзлаб иродаси мустаҳкам, жасур ва матонатли, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ўғил-қизларимиз яратмоқда. Ана шундай қаҳрамон спортчиларимизга шон-шарафлар бўлсин! Уларнинг боши узра Ватанимиз байроғи ҳамиша мағрур ҳилпираб турсин! – деди давлатимиз раҳбари.

Стадионга Ўзбекистон байроғи олиб чиқилди ва кўтарилди, мамлакатимиз мадҳияси ижро этилди.

Олимпия машъаласи ёқилиб, катта спорт байрами бошланди. Тадбир театрлаштирилган маданий дастур билан давом этди.

 Маросимдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шахматчимиз Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари гроссмейстеримизни Ҳиндистонда ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогида эришган ғалабаси билан ўз номидан ва барча юртдошларимиз номидан қизғин табриклаб, ушбу тарихий воқеа бутун халқимизни қувонтирганини таъкидлади. Ёш спортчимизга келгуси йилда Кипрда бўлиб ўтадиган Даъвогарлар турнирида муваффақиятлар тилади.