Президент билан бўлиб ўтган учрашувдан руҳланган фаол ёшлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Президент билан бўлиб ўтган учрашувдан руҳланган фаол ёшлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг турли соҳаларида муносиб ютуқларга эришган, ташаббускор ва фаол ёшлар билан учрашди. Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиётида ёшлар олдида турган устувор вазифалар, илм-фан, инновациялар, тадбиркорлик, ватанпарварлик ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Давлатимиз раҳбари буюк аждодларимиз қолдирган улкан илмий ва маънавий мерос ҳақида сўз юритар экан, ёшларга мурожаат қилди:

“Мен биламан, ўғил-қизларимизнинг ҳар бирида катта салоҳият бор, истеъдод бор, иқтидор бор. Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг "ақл чироғи" бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир. Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак”.

Президент учрашувида илгари сурилган ана шу эътирофларнинг амалий давоми сифатида фаол ва ташаббускор ёшлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.

Марказда меҳмонлар халқимизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихини ўзида акс эттирган экспозициялар билан танишдилар. Замонавий мультимедиа технологиялари, ноёб қўлёзмалар, қадимий Қуръони карим нусхалари, археологик топилмалар ва интерактив ечимлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф иштирокчилари Президент билан бўлиб ўтган учрашувда янграган фикрлар айнан шу масканда янада теран мазмун касб этишини таъкидладилар.

“Келажак бунёдкори” давлат мукофоти соҳибаси, “Болалар академияси” хусусий мактаби раҳбари Асал Зиёдова Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:

“Бу ерга иккинчи марта келишим. Лекин ҳар сафар худди биринчи марта келганимдек ҳайратдаман. Экспозициялар шунчалик пухта ва замонавий ёндашув асосида яратилганки, тарихни ўқиб эмас, гўё унинг ичида юргандек бўласиз. Президентимиз бугун бизга аждодларга муносиб ворис бўлиш ҳақида гапирдилар. Бу ерга келгач, ана шу масъулиятни янада чуқур ҳис қилдик”.

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Далер Раҳимов эса Марказдаги экспозициялар ёшларга катта руҳий куч бағишлашини таъкидлади.

“Марказда бутун Ўзбекистон тарихи, буюк алломаларимиз ҳаёти ва уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси мужассам. Президентимиз бизга Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш вазифасини ишониб топширдилар. Бу ердаги ҳар бир экспозиция ана шу юксак масъулиятни янада теран англашга ёрдам беради”.

Профессионал модель Нигина Фахриддинова ҳам Марказ ёшларнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга эканини қайд этди.

“Бугун Президентимиз учрашувда ватанпарварлик, тарихни билиш ва аждодларга муносиб ворис бўлиш ҳақида жуда муҳим фикрларни айтдилар. Менимча, айнан шунинг учун ҳам бизларни Ислом цивилизацияси марказига олиб келишди. Бу ерда халқимизнинг неча минг йиллик тарихи, буюк алломаларимиз мероси, маданиятимиз ва цивилизациямиз ҳақида жуда катта маълумотлар жамланган. Ҳар бир экспонат инсонни ўйлантиради, илҳомлантиради. Буни сўз билан таърифлаш қийин — уни келиб кўриш керак. Тарихини билган инсон келажакни ҳам ишонч билан қуради”.

“Келажак бунёдкори” давлат мукофоти соҳибаси, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутахассиси Озода Юнусова ҳам Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Бу менинг илк ташрифим. Бу ердаги муҳит бутунлай бошқача. Президентимиз бугун буюк аждодларимиз билан фақат фахрланиб қолмасдан, уларга муносиб бўлишимиз кераклигини таъкидладилар. Бу ерга келган ҳар бир ёш ана шу масъулиятни янада чуқур ҳис қилади, деб ўйлайман”.

Ташриф давомида ёшлар Марказнинг илмий-маърифий имкониятлари, экспозицияларда қўлланилган инновацион ечимлар ҳамда бой маданий меросни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш тажрибаси билан ҳам танишдилар.

Президент билан бўлиб ўтган учрашувда янграган ғоялар ва Ислом цивилизацияси марказига амалга оширилган мазкур ташриф мазмунан бир-бирини тўлдирди. Учрашувда ёшлар олдига қўйилган юксак мақсадлар Марказда намоён бўлган кўп асрлик илмий ва маданий мерос билан уйғунлашиб, иштирокчиларда буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида янада катта масъулият билан меҳнат қилиш ҳиссини мустаҳкамлади.