Пенсия таъминоти соҳаси янада такомиллаштирилади
Пенсия таъминоти соҳаси янада такомиллаштирилади

Ўзбекистонда Пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини аниқлаш ва уни янада самарали қилиш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида актуар баҳолаш амалга оширилади.
Бу жараён БМТнинг Глобал акселератор ташаббуси ва Жаҳон банкининг “Компас” дастури доирасида қўллаб-қувватланиб, “Пенсия ва ижтимоий суғурта ислоҳотларини амалга ошириш ҳамда институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳаси асосида грант ажратилади.
Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлигида, ЮНИСЕФ ҳамда Жаҳон банкининг грант маблағлари асосида икки йил давомида амалга оширилади. Унда Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий таъминот тизимларини актуар баҳолаш модели қўлланилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда амалдаги пенсия қоидалари қай даражада молиявий жиҳатдан барқарор экани баҳоланади. Шу орқали келгусида юзага келиши мумкин бўлган молиявий таваккалчиликлар олдиндан аниқланиб, пенсия тизимини янада самарали ва адолатли қилиш бўйича илмий асосланган қарорлар ишлаб чиқилади.