Озарбайжон Иқтисодиёт вазири: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Евроосиё музей фаолияти учун янги стандарт"

Озарбайжон Иқтисодиёт вазири: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Евроосиё музей фаолияти учун янги стандарт"

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров бошчилигидаги делегация ташриф буюриб, экспозициялар, илмий-маърифий лойиҳалар ҳамда замонавий музей ечимлари билан яқиндан танишди. Озарбайжон Иқтисодиёт вазири  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейини «Евроосиё музей фаолияти учун янги стандарт» деб атади.

Микаил Жаббаров, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири:

– Марказ менда унутилмас, ёрқин ва фахр туйғуларини уйғотди. Биродар Ўзбекистонда амалга оширилган ушбу лойиҳа нафақат ислом маданий меросини асраш ва тарғиб этишга, балки Ўзбекистон ва бутун минтақанинг беқиёс бой маданий меросини сақлаш ҳамда дунёга танитишга қўшилган бебаҳо ҳиссадир.

Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ғояси ва лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай улкан лойиҳани рўёбга чиқаришда иштирок этган барча инсонларнинг меҳнати юксак эътирофга лойиқ. Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг профессионал жамоасига ҳам самимий миннатдорлик билдираман.

Менимча, музей ишини ташкил этиш, қадимий ёдгорликлар ва ноёб экспонатларни замонавий усулда намойиш этиш, айниқса ёш авлод учун энг илғор мультимедиа технологияларидан самарали фойдаланиш борасида ушбу марказ музей фаолияти соҳасида янги стандартни белгилаб бермоқда.

Ташриф сўнгида меҳмон Марказнинг «Фахрий меҳмонлар китоби»га ҳам ўз таассуротларини ёзиб қолдирди:

«Марказга ташриф унутилмас таассурот қолдиради. Бу бутун ислом олами ва, ишончим комилки, кўп маданиятли Ўзбекистон учун ноёб маданий-тарихий ҳамда туризм масканидир.
Ноёб ёдгорлик ва экспонатларнинг замонавий мультимедиа технологиялари билан уйғунлиги Евроосиё музей фаолияти учун ҳақиқий юксак ютуқдир. Марказ ходимлари алоҳида миннатдорлик ва эътирофга лойиқ»..

Ташриф якунида делегация аъзоларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умумий цивилизацион меросни асраш ва уни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида аҳамият касб этади.