Оролбўйида қишлоқ туризмини ривожлантириш истиқболлари
Оролбўйида қишлоқ туризмини ривожлантириш истиқболлари

Нукусда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан “Қорақалпоғистонда барқарор экологик ва қишлоқ туризмини ривожлантириш” мавзусида тренинг бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тренинг «Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш» қўшма дастури доирасида ўтказилмоқда.
Уч кун давом этадиган тадбир Қорақалпоғистон Республикаси туризм ва спорт Бош бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар, махсус муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича мутахассислари, музей ходимлари, туроператорлар, маҳаллий фаоллар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг барқарор экологик ва қишлоқ туризмини ривожлантириш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Гибрид (онлайн/офлайн) форматда ўтказилётган тренингда Россия Федерацияси Қишлоқ ташаббусларини ривожлантириш агентлиги раҳбари Светлана Копылова, қишлоқ ва экотуризм миллий ассоциацияси президенти Ива Лебедева ва бошқа мутахассислар таъкидлаганидек, экологик ва қишлоқ туризми учун рақобатбардош туристик маҳсулотлар яратиш, муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва маҳаллий жамоалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни, маҳаллий сайёҳлик кластерлари ишини ташкил этиш, қишлоқ аҳолисини туризмни ривожлантиришга жалб қилиш орқали даромадларини ошириш бўйича тажриба ҳамда муваффақиятли амалиётларни алмашишдан иборат.

Тренингнинг амалий қисмида Қорақалпоғистонда экологик ва қишлоқ туризми соҳасида ўзига хос туристик маҳсулотлар учун ғояларни ишлаб чиқиш, шу жараёнда маҳаллий жамоаларни максимал даражада жалб этишга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, иштирокчилар ишлаб чиқилган туристик маҳсулотни маркетинг ва рағбатлантиришга доир мумкин бўлган ёндашувлар ва минтақада экологик ва қишлоқ туризмини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича тадбирлар режасини («йўл харитаси») муҳокама қилинади.
Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури -ЮНЕСКОнинг«Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал этиш» Қўшма дастури БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, Қорақалпоғистонда экологик муаммоларни ҳар томонлама ҳал етиш, асосий хизматлардан фойдаланишни рағбатлантириш, турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор туризмни ривожлантириш орқали Оролбўйи минтақасининг энг заиф жамоаларидаги экологик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорликни бартараф этишдан иборат. Бундан ташқари, лойиҳа орқали ЮНЕСКО қишлоқ аҳолисининг, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишга, даромад олиш имкониятларини кенгайтириш ва Оролбўйида туризм соҳасининг инклюзив барқарор ўсишини таъминлашга кўмаклашади.
ЎзА




