Олтиариқ жавҳари
Олтиариқ жавҳари

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида янгидан қурилаётган «Оқ дўппи эшон» жоме масжиди асосий хонақоҳи баландлиги 20 метрга яқин бўлиб, деразаларининг баландлиги ва кўплиги билан янада ёруғ ва кенг кўринади. Лойиҳага кўра, 4 томондан 30 метрлик минора 4 та кичик гумбаз устига қурилган катта гумбазни қуршаб туради. Ички томондан эса тўрт томондаги нафис қуббалар хонақоҳга ўзгача гўзаллик бағишлаб қолмай, муайян вазифаларни адо этади.
Яқинда қурилиши бошлаб юборилган масжид пойдеворига ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари қатнашдилар. Эзгу ният ва ихлос ила хайрли ташаббусга хизмат қилаётган кишилар ҳақларига дуолар қилинди.
Қапчиғай маҳалласи ва қўшни маҳалла аҳолиси учун торлик қилаётган ушбу масжиднинг эски биноси 300-400 кишини сиғдирган бўлса, янги қад ростлаётган масжиднинг катта хонақоҳида 3000 га яқин, ер тўла қисмида эса яна 2500 киши ибодат қилиши мумкин. Шунингдек, замонавий таҳоратхона ва маъмурий бинолар ҳам қулай имкониятлар асосида барпо этилиши режалаштирилган.





