Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш дастури
Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш дастури

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва фаол қўллаб-қувватлаши туфайли Буюк Британиядаги Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш дастури очилди. Янги Ўзбекистоннинг бой маънавий мероси, улкан салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга стратегик интилишнинг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекшунослик дастури мазкур нуфузли университетнинг “Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари” факультетида очилди. Ташаббус доирасида талабалар замонавий ва қадимги ўзбек тиллари, шунингдек беқиёс маданий, интеллектуал меросга эга мамлакат – Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини фаол ўрганиш имконига эга бўлди. Бу жаҳонга кенг очилаётган Янги Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш халқаро майдонда кун сайин ошаётганини кўрсатади.
Оксфорддаги шундай хайрли иш таъсирида келгусида бутун дунёдаги TOP-1000 таликка кирувчи олий таълим даргоҳларида ҳам ўзбек тили ўргатилиши йўлга қўйилиши кутилмоқда. Зеро, шу орқали она тилимизни илмий асосда тизимли тарғиб этиш, жаҳон миқёсида 50 миллион сўзлашувчиси бўлган бетакрор она тилимизнинг дунё узра баланд парвозини таъминлашга муваффақ бўламиз.