Ҳофиз Кўҳакий - иқтидорли олими ва тарихчи

Ҳофиз Кўҳакий - иқтидорли олими ва тарихчи

 

 acprtacpoacp.jpg

 

XV-XVI асрларда яшаб ижод қилган Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий ўз даврининг  машҳур олими ва тарихчиси бўлган. У Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг набирасидир.

Ҳофиз Кўҳакий Низом Бадахший ва Асомуддин Иброҳим Исфароиний каби алломалардан илм ўрганган, кўп ўлкаларга сафар қилиб, турли олимлардан таҳсил олган, илмий мунозараларда қатнашган. У араб тили ва грамматикасини, мантиқ илмини яхши билганлиги учун мадрасаларда ҳам дарс берган.

Эътиборли томони Ҳофиз Кўҳакий қаерга борса, ўша мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-маънавий ҳолати ва тарихи тўғрисида, етук олимлари ҳақида маълумотлар тўплаб, кейинчалик асарларига киритган.

Ҳофиз Кўҳакий «Тошкент тарихи»), «Чингиз авлоди тарихи», «Тавсир, фиқҳ асослари ва тармоқлари, мантиқ ва калом илми ҳақида рисола», «Мунозара қоидаси» шарҳининг шарҳи», «Мезон шарҳининг тезкор баёни» каби қатор асарларнинг муаллифидир. Шунингдек, Ҳофиз Кўҳакий Муҳаммад ибн Адноннинг икки  жилдлик «Тарихи Туркистон» номли асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган ва унга баъзи маълумотларни қўшиб бошқа ном билан атаган.

Ҳофиз Кўҳакий ўз замонасининг ажойиб олими бўлганлигини «Самароти машойих»да келтирилган бир маълумотдан ҳам билса бўлади. Асар муаллифи ёзишича, ҳиротлик Муҳаммад Тоҳир деган олим илм талаби билан Бухорога келади. Ўз илмини янада такомиллаштириш учун бу ерда олим ва фозил кишилар кўп деб эшитиб, 971/1563-1564 йиллар атрофида Тошкентга келади. У Тошкентда Ҳофиз Кўҳакий билан танишади ва унга шогирд бўлиб, тахсил олади.