Нуронийлар ва ёшлар учрашуви — авлодлар ўртасидаги маънавий ворислик ифодаси

Нуронийлар ва ёшлар учрашуви — авлодлар ўртасидаги маънавий ворислик ифодаси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нуронийлар ва ёшлар иштирокидаги маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. «Нуроний» жамғармаси раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, Марказ масъуллари ҳамда 100 нафарга яқин ёшни бирлаштирган мулоқотда бой тарихий меросни ўрганиш, авлодлар тажрибасини ёшларга етказиш ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари билан танишдилар. Уларга юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври, ноёб қўлёзма манбалар ҳамда тарихий-маданий мерос ҳақида маълумот берилди.

Экспозицияларни томоша қилиш жараёнида нуронийлар Марказда тарихий меросни замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган ҳолда намойиш этишга катта аҳамият берилганини алоҳида таъкидладилар.

Меҳнат фахрийси Ғуломжон Бобоев Марказнинг бунёд этилиши ва унинг атрофидаги ҳудуднинг ободонлаштирилишига тўхталиб, мазкур маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки юртимизни дунёга танитишда ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

«Мен ўзим мана шу ҳудудда катта бўлганман. Ислом цивилизацияси маркази қурилишидан олдин бу ердаги айрим тарихий обидалар абгор ҳолатда қолиб кетган эди. Бугун эса бу ҳудуд бутунлай ўзгарди. Марказ билан бир қаторда меҳмонхоналар, савдо мажмуалари, умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилди. Бу ерга дунёнинг турли мамлакатларидан туристлар келадиган бўлса, нафақат Марказни, балки унинг атрофини ҳам бемалол томоша қилиши мумкин», — деди у.

Фахрий Марказ экспозицияларида буюк алломаларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг илмий мероси замонавий ва тушунарли усулларда ёритилаётганини юқори баҳолади.

«Ислом цивилизацияси марказига кириб келганимда, биздан ўтган ҳар бир алломага алоҳида шарҳ берилганини кўриб, ҳайратландим. Айниқса, ёшларимиз бу ерга келиб, ўзлари учун катта маънавий озуқа олаётгани қувонарли», — деди Ғуломжон Бобоев.

Учрашувда «Нуроний» жамғармаси раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ҳам сўзга чиқиб, кексаларнинг ҳаётий тажрибасини ёш авлод тарбиясида самарали қўллаш, «устоз — шогирд» анъаналарини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Ёшларни илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва ватанпарварлик каби фазилатларга содиқ бўлишга чақирди.

Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева эса мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол, мустақил фикрлайдиган ва Ватан тақдирига дахлдор шахслар этиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Марказнинг аждодлар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва уни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш борасидаги фаолиятига тўхталди.

Самимий мулоқот давомида нуронийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга илм ва маърифатнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикрларини билдирдилар.

Олмазор тумани кексалар ва фахрийлар бўйича маслаҳатчиси Зафар Шоназаров Марказ экспозицияларида буюк аждодлар мероси кенг ва таъсирчан тарзда намойиш этилаётганини алоҳида эътироф этди. У, айниқса, Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросига бағишланган экспозиция унда катта таассурот қолдирганини айтди.

«Беруний бобомизнинг Америка Колумб томонидан кашф этилишидан анча олдин Ер юзида бошқа қитъа мавжудлиги ҳақида фикр билдиргани ҳақидаги маълумотни кўриб, ҳайратландим. Ана шундай буюк аждодларимизнинг илмий меросини биз ёшларга етказишимиз керак», — деди Зафар Шоназаров.

Жамоат ишлари бўйича Олмазор тумани нуронийлар кенгаши аъзоси Диғматилла Иноғомов ҳам ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, Марказда ёшлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолади.

Ёш иштирокчилар ҳам Марказдаги экспозициялар ва кутубхонадаги ноёб манбалар уларда катта қизиқиш уйғотганини таъкидладилар.

241-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Робия Нажимова Марказда буюк алломаларнинг илмий мероси, улар қолдирган асарлар ва китоблар ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлганини айтди.

«Менга алломаларимиз босиб ўтган йўллар, қадимда ўрганган илмлари ва келажак авлодга қолдирган асарлари жуда ёқди. Кутубхонада уларнинг буюк асарлари ва қадимий китобларини кўриш менда катта таассурот қолдирди», — деди ёш иштирокчи.

Тадбир давомида нуронийлар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Айниқса, буюк аждодлар илмий меросини замонавий авлодга етказиш, тарихий хотирани асраш ва ёшларни маърифатли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур учрашув авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни янада мустаҳкамлаш, нуронийларнинг ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиш ва ёшларни аждодлар меросини чуқур ўрганишга рағбатлантиришга хизмат қилди.