Ноёб қўлёзма ва тангалар топилди
Ноёб қўлёзма ва тангалар топилди

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари кесишмасида жойлашган Ахсикент ёдгорлигини тадқиқ этиш ва уни илмий жиҳатдан ўрганиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар давомида олимлар янгиликларга дуч келишмоқда.
Моддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган мазкур археологик қадамжодан яқинда, VIII асрга оид ноёб қўлёзма ҳамда айнан шу асрга оид Аббосийлар зарб этган тангалар топилди.

Ахсикент археология парки таркибидаги Янги Ахси мажмуаси топилмалар фонди 68 та янги танга ва 27 та китоб билан бойиди. – VIII асрга оид Аббосийлар ҳукмронлиги давридаги кумуш тангалар ҳам араб ёзувидаги бежирим хатга эга. Қўлёзма китобда ҳандаса, риёзиёт, илми нужум, тиббиётга оид қимматли маълумотлар бор, – дейди археология парки директори Анвар Икромов. – Улар орасида Сомоний ва Қорахоний ҳукмдорлар даврида ҳамда 1667-1670 йилларда Швеция, 1836 йилда Буюк Британияда чиқарилган тангалар мавжуд.
Илк кумуш тангалар милоддан аввалги III асрда чиқарилган бўлиб, унинг юза қисми – аверсига подшоҳнинг сурати, орқа томони – реверсига эса ҳар хил худолар, муқаддас ҳайвонлар тасвири солинган ёки подшоларнинг номи ёзилиб, тамғаси туширилган. Ахсикент комплекс экспедицияси Ахсида Умаршайх Мирзонинг резиденцияси ўрни – Яккайигит боғида қазишма ишларини бошлаган. Топилмалар кенг жамоатчилик, айниқса, эксперт, археологлар ва тарих ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотмоқда.