Нодир китоблар топилди
Нодир китоблар топилди

Наманганнинг машҳур қадимий манзили - Ахсида нодир китоблар топилди. Элликка яқин топилмалар орасида энг ноёби, IX асрга тегишли экани айтилаётган қўлёзма ҳандаса, риёзиёт, илми нужум ва бошқа кўплаб фанларга оид бўлиб, унда Бағдоддаги машҳур Байтул Ҳикма асосчиси Халифа Маъмун топшириғи билан Абу Наср Балхий томонидан тузилган астрономик жадваллар акс этган.
Ушбу китоблар орасида Хислатнинг Мулла Тўйчи ҳофизга атаб тузган «Армуғоний Хислат» девони тилла ёзувли нусхаси, Қорийнинг «Девон»и мавжуд.
Туркий халқлар фахри, файласуф шоир, мутафаккир Хўжа Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр, Мажзуби Намангонийларнинг издоши бўлган Мулла Мирмаҳмуд Миршамсиддин ўғли Қорий мукаммал ҳуснихат эгаси — хаттот ҳам бўлган. Қорийнинг ўзи кўчирган «Девон»и, Мажзуб Намангонийнинг «Девон»и, Баҳоуддин Нақшбанднинг рисоласи, Муқимий билан ҳамкорликда кўчирган катта баёзи ва яна бир неча асарлар бизгача етиб келган. Ахсидан топилган «Девон»дан ғазал, мухаммас, мувашшаҳ ва таърих жанридаги шеърлар ўрин олган.
Топилмалар орасида 1870-1905 йиллар оралиғида Тошкент ва Самарқандда тошбосма услубда чоп этилган, нозик безакларга эга катта ўлчамдаги «Тарих китоби», «Сияри Шариф», Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар»и, «Фарҳод ва Ширин қиссаси», «Салоти Масъудий», «Далойили Ҳайрот» китоблари бор.