Наманганда нон фестивали ўтказилади

Наманганда нон фестивали ўтказилади

crkeveovkeryukprkpryrory.jpg

Апрель ойида Наманган шаҳридаги “Afsonalar vodiysi” тематик паркида Нон фестивали ўтказилади.

 

Вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадига қаратилган тадбирда еттита тандир қурилиб, унда ҳудудларга хос турли хил ва кўринишдаги нонлар ёпилади. 

 

Нон фестивалига мамлакатимиз ҳамда қўшни республикалардан меҳмон, сайёҳлар ташриф буюради. Жойларда хизмат кўрсатиш, моддий ва номоддий маҳсулотлар сотуви ташкил этилади. Тажрибали новвойлар томонидан ёпилган нонлар маҳаллалар кесимида элимизга, меҳрибонлик ва саховат уйларига тарқатилади.

 

Наманганлик новвойлар фестивалда тақдим этадиган нонлар ичида Наманган ширмой нонларининг айниқса, таъми ўзгача. Ширмой нон ширмон, ширмол номлари билан ҳам аталади. Ширмол – форс-тожик тилида сутли нон дегани. Унинг ширмон кулча, ширмон патир, қўшалоқ ширмой, пайванд, обу ҳол, олча гулли ширмой каби турлари бор. Тошкент, Самарқанд ҳамда Фарғона водийсининг Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларида ҳам ширмой нонлари ёпилади. Тайёрланиши ва ўхшаш жиҳатидан бу ширмой нонлари мазаси билан фарқ қилади. Наманган ширмойи узоқ муддат ўз мазаси ва ҳолатини сақлаб қолиши, таъмининг ўзгачалиги билан ажралиб туради.

rdpnglaovkrukpryuprvyrvker.jpg

Фестивал доирасида «Дўппидек ош», «Тандир таомлар» каби шоулар, миллий ўйинлар, маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.