Муқаддас Рамазон ойи фазилатлари
Муқаддас Рамазон ойи фазилатлари
Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Имом Табароний Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.): «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.
Рамазон ойининг фазилатларини бениҳоядир. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача Ҳаёт дастури - Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Бақара сурасининг 185-оятида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.
Фақиҳ уламолар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни камайтириб, Қуръон мутолаасига ўтардилар. Усмон ибн Аффон (р.а.) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Имом Шофеий (р.а.) Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик (р.а.) Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар. Суфён Саврий эса Рамазон кириб келганда ҳамма қўшимча ибодатларни йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишларди.
Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) айтадилар: "Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (а.с.) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.
Бу ой тунгги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар. (Имом Муслим ривояти)
Рамазон ойидаги тунгги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровеҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
Бу ойда жин-шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинади. Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: “Пайғамбар (с.а.в.) саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).
Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.
Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират (кечириш) кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.
Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти). Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин!
Проф.Р.В.Абдуллаев томонидан
интернет маълумотлари асосида тайёрланди