Муфтий ҳазратларининг “Рамазон қори” жоме масжидига ташрифи

Муфтий ҳазратларининг “Рамазон қори” жоме масжидига ташрифи

dytjdrthserhgserhgserhsher.jpg

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги “Рамазон қори” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Даставвал муфтий ҳазратлари масжидда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, пешин намозини жамоат билан адо этдилар.

 

Муфтий ҳазратлари буюк алломалар юрти бўлмиш Ватанимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бораётгани, ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани, янги диний таълим муассасалари очилаётгани ва яна яхши хушхабарлар кутилаётгани, айни замонда имом-домлалар, муддарисларимиз ҳам халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.   

 

Шунингдек, муфтий ҳазратлари ўз сўзларида тараққиётимизнинг янги даврида эҳтиёжманд оилалар қадр-қимматини кўтариш, турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган савобли ишларга урғу қаратдилар. Бундан ташқари, мусулмон киши қандай бўлиши кераклиги, динимиз аҳкомларига амал қилиш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга интилиш каби мавзуларда маърифий суҳбат қилиб бердилар.

 

Ўз навбатида масжид ходимлари, намозхонлар сермазмун ва таъсирли маъруза учун миннатдорчилик билдиришди.