Муфтий ҳазратларига “Фахрий доктор” илмий даражаси берилди

Муфтий ҳазратларига “Фахрий доктор” илмий даражаси берилди

yukpykuryukrpykupfcuafcupfc.jpg

Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва илмий фаолиятларни эътироф этган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси “Фахрий доктори” илмий даражаси берилди.

 

Юртимизда Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва халқимиз маънавиятини юксалтиришда диёримиз олиму уламолари, хусусан муфтий ҳазратларининг ҳиссалари жуда ҳам катта. У киши Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган “Имом Бухорий” зиёратгоҳ-жоме масжиди имом-хатиби, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифаларида кўп йиллар самарали меҳнат қилганлар. 2006 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, мана 15 йилдан буён дини мубинимиз ва мўмин-мусулмонлар хизматида бўлмоқдалар.

 

Таъкидлаш жоизки, муфтий ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. Ҳазрат 2013 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар. Шунингдек, 2021 йил 17 мартдан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати раиси ҳисобланадилар.

 

Мана шундай хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 1 январдаги Фармонига асосан исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни асраб-авайлаш, ёш авлодни умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, муборак Ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиб келаётганлари учун муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотландилар.

 

2021 йил 19 апрелда муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, таъсис этилган биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.

 

Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш ишлар учун Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали, Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан ҳам тақдирланганлар.

 

Сўнгги йилларда муфтий ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан 12 йилдан буён муносиб ўрин эгаллаб келмоқдалар.

 

Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан мунтазам иштирок этмоқдалар.

 

Муфтий ҳазратлари юртимизда чоп этиладиган диний мавзудаги газета-журналлар таҳрир ҳайъатларининг аъзоси, нашр этилаётган диний китобларнинг масъул муҳаррири сифатида ҳам ислом маърифати тарғиботига катта ҳисса қўшмоқдалар. Ўттизга яқин асар ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи ҳисобланадилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси жамоаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари номидан муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларини Халқаро Ислом академияси “Фахрий доктори” илмий даражаси берилгани муносабати билан самимий муборакбод этади.