“Мозийга қайтиб...” лойиҳаси            
    
        
        
“Мозийга қайтиб...” лойиҳаси
 
 
 
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарихимиз ва буюк аждодларимиз ҳақидаги маълумотлар тарғибот қилиш мақсадида  “Мозийга қайтиб...” лойиҳасини амалга оширишга киришди.
Лойиҳанинг илк сони Абдулла Қодирий уй-музейидан тайёрланди. Ушбу уй-музей адиб таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан 2019 йилда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза кўчасидаги адиб яшаб, ижод қилган хонадонда ташкил этилган.
Уй-музей ўзбек адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган, унинг ривожи учун муносиб ҳисса қўшган  буюк адибнинг ҳаёт ва ижод йўли, бой адабий мероси, болалиги ўтган масканни бугунги кун кишиларининг кўз олдида жонлантириш ҳамда Тошкент тарихи саҳифаларини ёритишга хизмат қилиши билан беқиёс аҳамиятга эга.
Бобомерос боғ-ҳовлида адибнинг набираси, адабиётшунос олим, Хондамир  Қодирий мезбон сифатида истиқомат қилади.  Уй-музей ҳовлисининг тўрида адиб ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкалтарош Баҳром Норбоев томонидан ишланган ҳайкалда адиб сиймоси бир қўлида китоб тутган, ўйчан ва мулоҳазага берилган тарзда тасвирланган.
Марказда 1928 йилда Абдулла Қодирий ўз қўли билан бунёд этган икки қаватли шийпонча жойлашган. Бу ерда замонанинг алломалари Алексей Толстой, Сўфизода, Ойбек, Комил Яшин, Ғафур Ғулом, Садриддин Айний, Абдулла Қаҳҳор, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ҳамид Олимжон, Юнус Ражабий каби ёзувчи ва санъаткорлар тунларни тонгга улаб, гурунг қилган. Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” асарларини ушбу ёзги шийпонида, баҳаво табиат бағрида илҳомланиб яратган.
“Ўтган кунлар” романида Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим, Кумушбиби Марғилондан Тошкентга – Юсуфбек ҳожининг уйига 12 кунлик йўлни “Қўқон арава” да босиб ўтгани тасвирланган. Асарда келтирилган ўша машҳур “Қўқон арава” Фарғона усталари томонидан уй-музей учун махсус ясаб, совға қилинган.
Халқига, Ватанига хизмат қилиб, абадий барҳаёт сиймога айланган аждодларимиз жасорати, изтиробли кечмишларидан сўзловчи бу каби уй-музейлар катта тарбиявий аҳамиятга эга. Зеро, буюк боболаримизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактабидир.