Миллий меросининг замонавий тақдимоти
Миллий меросининг замонавий тақдимоти

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Миллий қадриятлар атласи”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Миллатнинг ўз қиёфаси, менталитети, табиатини сақлаб қолишда унинг анъана ва қадриятлар муҳим аҳамият касб этади. Бугунги ўта мураккаб глобаллашув шароитида ахборот алмашинуви тезлашиб, турли маданиятлар ўзаро яқинлашаётган бир пайтда миллий ўзликни асраб-авайлаш, азалий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш ҳар жиҳатдан долзарб. Чунки, ҳар бир халқнинг тарихи, маънавий дунёси ва ҳаёт тарзи айнан шу қадриятлар орқали намоён бўлади.
Миллий анъаналарни унутмаслик, уларни замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш ва кенг тарғиб этиш ёш авлодда ватанпарварлик, миллий ғурур ва ўзликни англаш туйғуларини шакллантиради. Шу боис, миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз ва маънавий меросимизни асраш ҳамда дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Барча ҳудудлардан жамланган маълумотлар асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми чоп этилди. Нашрни тайёрлаш жараёнида 1,7 мингдан ортиқ матн, 3 мингдан зиёд сурат, 300 дан ортиқ миллий қўшиқ ҳамда 2 мингга яқин видео ва аудио материаллар таҳлил қилинди.