Миллий каштадўзлик
Миллий каштадўзлик

Кейинги йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган тарихий қадамжоларда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини сезиларли ошишига хизмат қилмоқда.
Бу эса у ерда қадимдан ривожланиб келган миллий ҳунармандчиликнинг янада сайқал топишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Хусусан, бугунги кунда Шаҳрисабзда момомерос анъаналарни давом эттириб, каштачиликнинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунарманд аёллар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири моҳир каштадўз Саодат Низомовадир. У Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган йирик кўргазмада вилоят вакили сифатида иштирок этди. Каштачи дунёнинг кўплаб давлатларидан келган ҳунармандлар билан танишиб, тажриба алмашдик. Ўз ишларимизни тарғиб этиш имкони бўлди.
Кўргазмада ҳунарманд бир қанча хорижий шериклар билан маҳсулот етказиб бериш борасида шартномалар имзолашга муваффақ бўлган. Энг муҳими эса Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари унга Шаҳрисабзда ироқи каштачилик мактабини очиб бериш таклифини билдирган. Айни пайтда бу борада маслаҳатлашув жараёнлари кетмоқда.

Саодат Низомова каштачилик ҳунари билан шуғулланиш баробарида ушбу йўналишда ўзига хос мактаб яратган. Шу вақтга қадар ундан иш ўрганган юзлаб хотин-қизлар каштачиликни мукаммал ўрганиб, кўпчилиги мустақил бизнес бошлашга муваффақ бўлди. Айни пайтда эса, Шаҳрисабз шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бу амалиётни янада тизимлаштирган ҳолда ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда 60 нафар каштачиликка қизиқувчи хотин-қизлар унинг ёнида ҳунар ўрганмоқда ва уларга бандликка кўмаклашувчи марказ томонидан стипендия тўлаб борилаяпти. Агар Бирлашган Араб Амирликлари элчихонаси билан ҳам ҳамкорлик амалга ошса, устоз-шогирд анъаналарини янада кенгайтириш имкони туғилади.
Саодат Низомова мазкур фаолияти орқали ўз бизнесини йўлга қўйиб, яхшигина даромад топиш билан бирга, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксалишига хизмат қилиб, азалий анъаналардан бири бўлган миллий каштадўзлик ҳунарини давом эттириб келмоқда.
ЎзА




