“Миллатлараро ҳамжиҳатлик – Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови”

“Миллатлараро ҳамжиҳатлик – Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови”

avarcrcrckerkveruykoyukr.jpg

Мамлакатимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида Бағрикенглик ҳафталиги давом этмоқда.

Ҳафталик доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, Ёшлар иттифоқи вакиллари иштирокида “Миллатлараро ҳамжиҳатлик – Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Халқаро ва минтақавий муносабатларда глобаллашув жараёни давом этаётган, ер юзида иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот маконидаги қарама-қаршилик, кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, дўстлик муҳити ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган 2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган давра суҳбатида ҳамкор ташкилотларнинг аҳоли, жумладан, ёшларда ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган фаолияти ҳамда соҳага оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи миллат ва элатлар тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, бу борадаги ишларни янада ривожлантириш учун шарт-шароит яратилишини кафолатлаган ҳолда Ўзбекистон халқи тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар мажмуаси амалга оширилаётгани қайд этилди.