Миланда “Ўрик гуллаганда” кўргазмаси
Миланда “Ўрик гуллаганда” кўргазмаси

Милан шаҳрида бўлиб ўтаётган дизайн ҳафталигида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Ўрик гуллаганда” номли кўргазма ташкил этилди. Мазкур кўргазма лойиҳаси архитектор Кулапат Янтрасаст бадиий раҳбарлиги остида амалга оширилди. Бу кўргазма Милан шаҳридаги машҳур “Palazzo Citterio” боғида ўтказиляпти.
Кўргазма концепцияси шоир Ҳамид Олимжон ижодидан илҳомланган. Унинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро миқёсда намоён этиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва дизайн ҳамда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришдан иборат.
Экспозиция сарой ҳудудида босқичма-босқич жойлаштирилган: кириш қисми, ички ҳовли, галерея заллари ва боғ. Ҳар бир бўлимда ҳудуднинг ўзига хос маданий ва табиий хусусиятлари акс эттирилган. Бу ерда тўқимачилик намуналари, ҳунармандчилик ишлари, флористик инсталляциялар ва архитектура ечимлари намойиш этилган.
Кўргазмада халқаро дизайнерлар ва ўзбек ҳунармандлари ҳамкорлигига катта аҳамият берилган. Натижада, миллий анъаналарни замонавий услубда ифода этувчи ноёб дизайн ишлари яратилган.
Бу ердаги Palazzo Citterio” боғида ўтов шаклидаги махсус инсталляция қурилган. 26 апрелга қадар бу ерда халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари ва соҳа вакиллари иштирокида лекциялар, мунозаралар, мастер-класслар ва турли маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.