Масжидул Ҳаром Бош имоми Ўзбекистоннинг ислом меросини тиклаш ташаббусларини юксак баҳолади

Масжидул Ҳаром Бош имоми Ўзбекистоннинг ислом меросини тиклаш ташаббусларини юксак баҳолади

Бугун, 9 июль куни Самарқанд шаҳрида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида «Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари – уммат китоби» мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Унда Маккаи Мукаррама шаҳридаги Масжидул Ҳаром Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд табрик сўзи билан иштирок этди.

“Ушбу нуфузли илмий анжуман муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ва унинг донишманд раҳбари, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев ҳазратларининг улкан саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман. Кечагина биз Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган Ислом цивилизацияси форумининг юксак даражада ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Бугун эса Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти ва унинг бағрида ўтаётган ушбу халқаро илмий анжуманнинг бошланишига шоҳид бўлмоқдамиз.

Бу ишлар Ўзбекистон ўз миллий ва диний қадриятларига содиқ мамлакат эканини, унинг раҳбарияти юксак мақсадлар, пухта режалар ва узоқни кўзлаган тараққиёт стратегияси асосида ҳаракат қилаётганини яққол намоён этмоқда. Бу ерда Ислом цивилизацияси фақат тарихий мерос сифатида эмас, балки инсон қадрини юксалтириш, илм-маърифатни ривожлантириш, тушунчаларни янгилаш ва жаҳолат ҳамда танбалликдан халос бўлиш йўлидаги амалий дастур сифатида талқин этилмоқда”.

Нуфузли олим ўз чиқишида Имом Бухорийнинг бутун ислом олами учун тутган беқиёс ўрни, «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асарининг илмий аҳамияти ҳамда ёш авлодни буюк муҳаддис мероси асосида тарбиялашнинг долзарблигига алоҳида тўхталди.

«Бугун биз учун шараф ва ифтихорга тўла муборак кундир. Бу кун – умматимизнинг буюк алломаларидан бири, бутун дунёга илм тарқатган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини ўрганиш, асраш ва келажак авлодларга етказиш йўлида беқиёс хизмат қилган Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва мероси ҳақида мулоҳаза юритиш, ундан ибрат ва сабоқ олиш учун жам бўлган кундир.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлик чоғиданоқ илмнинг ҳақиқий қадрини англади ва бутун умрини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаш ҳамда саралашга бағишлади. Ана шу беқиёс меҳнат самараси сифатида Аллоҳнинг китобидан кейинги энг ишончли манба – “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” дунёга келди. Бу асар муваффақият фақатгина Аллоҳнинг тавфиқи, собитқадамлик, матонат ва узлуксиз меҳнат билан қўлга киритилишининг ёрқин намунасидир.

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳар бир мусулмон учун ибрат мактабидир. Бугунги кунда ҳам фарзандларимизни айнан шу буюк шахсиятлар ҳаёти асосида тарбиялашимиз, уларни илмга, одобга ва ҳақиқатга муҳаббат руҳида вояга етказишимиз лозим», — деди Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд.

Шунингдек, Масжидул Ҳаром Бош имоми бу эзгу ташаббуслар ислом оламининг бошқа шаҳар ва марказларида амалга оширилаётган хайрли ишлар билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.

“Айни пайтда Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан Қуръон, Суннат ва Ислом меросини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган баракали хизматларни ҳам алоҳида эътироф этамиз. Бу ишлар Икки муқаддас масжид ходими Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ва унинг валиаҳди шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз раҳнамолигида амалга оширилмоқда.

Аллоҳ таоло уларнинг Ислом, мусулмонлар ва бутун инсоният йўлидаги хизматларини зиёда қилсин.

Шунингдек, Ислом оламининг эҳтиёжларини чуқур англаган халқаро ташкилотлардан бири – Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO)нинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ушбу нуфузли анжуманни ташкил этишдаги иштирокини ҳам юксак қадрлаймиз”.

Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, шунингдек, ўз чиқишида Саудия Арабистони раҳбариятининг Қуръони карим, суннат ва ислом меросини асраш йўлида олиб бораётган ишларига ҳам тўхталиб, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик мазкур халқаро конференциянинг муваффақиятли ўтишига муносиб ҳисса қўшаётганини қайд этди.