Масъулиятли ота-оналик меҳр, чегара ва ишончга таянади

Масъулиятли ота-оналик меҳр, чегара ва ишончга таянади

mibarob45645643c26cyvevrpyvvrpyvap457435645nyepr.jpg

Фарзанд тарбияси ҳақида гап кетганда, кўпинча ота-онанинг бурчи, мажбурияти ва масъулияти ҳақида сўз юритилади. Аммо масъулиятли ота-оналикни фақат «нима қилиш керак?» деган савол билан тушунтириш етарли эмас. Бу, аввало, «фарзандим ҳозир нимани ҳис қиляпти?» деган саволни бера олишдан бошланади.

Бугун бола тарбиясига таъсир қилаётган омиллар ҳам аввалгидек эмас. Интернет, ижтимоий тармоқлар, гаджетлар, ахборот оқими ва тенгдошлар муҳити боланинг дунёқарашига кучли таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли ота-онанинг вазифаси фақат «телефонни олиб қўйиш» ёки «назорат қилиш» билан чекланмаслиги керак. Муҳими – болага нима учун муайян чекловлар кераклигини тушунтириш ва рақамли муҳитда ҳам ишончли мулоқотни сақлаб қолиш.

Масъулиятли ота-оналикнинг яна бир муҳим жиҳати – хатони тан олиш. Ота-она ҳам инсон. У чарчайди, асабийлашади, баъзан фарзандига нисбатан қаттиқ гапириб қўяди. Бундай вазиятда «мен ота-онаман, демак доимо ҳақман» деган позициядан кўра, «мен ҳам хато қилишим мумкин», дея олиш муносабатларни мустаҳкамлайди. Фарзандидан узр сўрай олган ота-она унга заифликни эмас, масъулиятни ўргатади.

Шу нуқтаи назардан «Масъулиятли ота-оналик» лойиҳасининг асосий қиймати ҳам ота-оналарга тайёр қоидаларни беришда эмас, балки уларни фарзандига бошқача назар билан қарашга ундашда кўринади. Бола — фақат тарбия объекти эмас. Унинг ўз фикри, ҳисси, қўрқуви, орзуси ва эҳтиёжлари бор шахс.

Лойиҳа доирасидаги ишлар ҳам айнан шу инсон омилига яқинлашса, унинг таъсири янада сезиларли бўлиши мумкин. Масалан, ота-оналарга назарий маърузалар ўқиш билан бирга, кундалик ҳаётда учрайдиган вазиятлар муҳокама қилинса: бола дарс қилишни истамаяпти, ўсмир ота-онасидан узоқлашяпти, телефондан ажрамай қўйди, мактабда муаммога дуч келди ёки фарзанд ўзини бошқалар билан солиштира бошлади. Ана шундай реал вазиятлар орқали ота-она ўз хатти-ҳаракатини таҳлил қилиш имконига эга бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, масъулиятли ота-оналикни қўрқитиш ёки айбдорлик ҳиссини кучайтириш орқали шакллантириб бўлмайди. «Сиз фарзандингиз учун масъулсиз» деган гапнинг ўзи етарли эмас. Ота-онага ҳам қўллаб-қувватлаш, билим, маслаҳат ва зарур ҳолларда мутахассис ёрдами керак. Чунки фарзанд тарбиясидаги қийинчиликлар кўпинча битта оиланинг эмас, бутун жамиятнинг умумий масаласидир.