Марказни ҳаттотлик санъати безайди

Марказни ҳаттотлик санъати безайди

arpyccrevkeorvyeryukp.jpg

Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидалар, уларнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортмай қўймайди. Айниқса, бу юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

 

Ўрта Осиё хаттотлик санъати VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Кўфа ва Басрада шаклланиб, кейинчалик  бошқа ҳудудларига тарқалган. Хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби ҳам вужудга келган. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар.

 

XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Шу даврдан бошлаб Туркистон ўлкасининг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.  Халқ амалий санъати доирасида (ганчкорлик, кулолчилик, наққошлик, ёғоч ўймакорлик каби) вужудга келган Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Тошкент, Қўқон мактабларида хаттотлик санъати  хам шаклланди.

cyervkeorykerkertokeork.jpg

Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар– масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.

 

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида  бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси порталлари ва равоқларига хаттотлар томонидан арабий битикларда илм-фанни, маънавиятни улуғловчи, муқаддас “Қуръони карим” оятларидан, Ҳадислардан ва ҳикматли сўзлардан безак ишларига уйғунлаштириб безатиш ишлари бошлаб юборилган.   Таниқли хаттот Ҳабибулла Солиҳ бошчилик қилаётган хаттотлар томонидан таклиф этилган намуналар Диний бошқарма вакиллари, Халқ амалий санъати усталари, Марказ маъмурияти мутахассислари, иштирокида тахлил қилинмоқда.

keyrovneolvnlvkeryvkeryukp.jpg

Туркиялик хаттот  Заки Ал-Ҳошим қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази объектидаги безак ишлари доирасида хаттотлик санъати намуналари билан танишиб, ўз маслахат ва таклифлари билан ўртоқлашди. Заки Ал-Ҳошим Миср, Яман, Сурия мамлакатларида хаттотлик масалаларида иштирок этганлиги, Ислом оламида хаттотлик санъати борасида Туркистон хаттотлари  муносиб ўринга эгалиги,  муқаддас Макка шаҳрида масжид-мадрасалардаги арабий битикларда Мовароуннаҳр хаттотларнинг  муносиб  ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.  Шунингдек, хаттотлик санъатида ниҳоятда эҳтиёткорлик билан иш олиб борилишини, айниқса майда арабий белги ва шаклларни белгиланган тартибда ёзилишини тушунтирди.

      .             

                                                                                                                Х.Шукуров

yrykreyukryukpukp.jpg