Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон
Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда қайд этилганидек, минтақада азалдан яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик, савдо иқтисодий ва илмий-маданий алоқалар ривожланган. Умуман олганда, Марказий Осиё минтақаси Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашгани геополитик нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда “Марказий Осиё минтақасида ислом маданияти ва санъати”, “Марказий Осиё мутафаккирлари илмий-маънавий мероси”, “Марказий Осиё тарихий ёдгорликлари эпиграфикаси ва архитектураси” ҳамда “Марказий Осиё халқларининг урф-одат ва анъаналаридаги умумийлик ва ўзига хослик” каби мавзулар муҳокама қилинди. Марказий Осиё халқлари тарихи, маданияти, ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Анжуманда “Ислом цивилизациясида хаттотлик санъатининг ўрни ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш марказининг хаттотлик санъатига қўшган ҳиссаси”, “ХIХ-ХХ асрларда Туркистон ўлкасида вақф анъаналарининг ўзига хосликлари”, “Бобурийлар давлати маданий ҳаётида Термизий хаттотлар”, “Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини ўрганишнинг зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти” ва бошқа мавзуларда маърузалар эшитилди.
Маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, тарихчилар, исломшунослар, этнографлар ва манбашуносларнинг ушбу маърузаларида Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни, минтақа алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида олиб бораётган илмий тадқиқотлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.




