Марказий Осиёда илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси
Марказий Осиёда илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси

ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий 1105 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда 1167 йил деб ёзилган. Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Уни бобоси Арслонбоб тарбиялаб вояга етказади. Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб кўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшда борганини ва унинг тарбиясига ноил бўлганлигини эътироф этади. У ерда тасаввуфдан таълим олиб, сўнг ўз юрти Туркистонга қайтади, ўз таълимотини тарғиб этиб, шогирд, муридлар тайёрлай бошлайди.
Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган.
Яссавий Марказий Осиё маданияти тарихида илк туркийзабон мутасаввиф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб зтувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди.
Хожа Аҳмад Яссавий жуда кўп мутасаввиф донишмандларни тарбиялаб вояга етказган. Маълумки, “Яссавия” тариқатидан кейин Марказий Осиёда “Нақшбандия” (Хўжагон), “Бектошия” каби икки йирик тариқат пайдо бўлади.

“Яссавия” тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш “Ҳикмат”да муфассал баён этилган. ХII асрдаги туркийзабон шеъриятнинг ажойиб намунаси бўлган, кейинги даврлардаги туркий адабиётга катта таъсир кўрсатган “Ҳикмат” асарида “Яссавия” таълимотидаги поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, Аллоҳ таоло висолига етишиш йўлида Инсонни ботинан ва зоҳиран ҳар томонлама такомиллаштириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода этилган.
Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш», — дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб, янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир.
Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган. Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар»
ЮНЕСКОнинг 27-сессиясида Бутун дунё маданий меърослари тизимига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси кўп асрлардан буён дунё мусулмонларининг олтин бешигига айланган. Уни барча туркий халқлар эъзозлашади. Қўриқхона-музей жами 88,7 гектар майдонни эгаллаган. Унинг таркибига Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасидан ташқари Улкан ҳилват (ер остидаги масжид, XII аср), Саккиз бурчакли мақбара (XIV-XVI аа.), мирзо Улуғбекнинг қизи, Абилқайир хоннинг аёли Робия Султан Бегим мақбараси (XV а.), Шарқона ҳаммом (XVI-XVII аа.), Есимхон мақбараси, Жума масжиди каби археологик, тарихий-меъморий ёдгорликлар киради
Буюк сўфий алломаси таваллуд топган Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида эса, унинг номидаги университетга ҳам асос солинган.




