Марказий Осиё – илм-маърифат ўчоғи
Марказий Осиё – илм-маърифат ўчоғи

Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаИслом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш халқаро маркази – IRCICA ҳамда “Ислом тарихи ва манбашунослиги –IRCICA” кафедраси ҳамкорлигида “Марказий Осиё халқлари маданияти, диний анъана ва урф-одатлари” мавзусида республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази мутасаддилари, тарихчилар, санъатшунослар, шарқшунослар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамкор муассасалар раҳбарлари, илмий-тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Тадбирда Марказий Осиё – илм-маърифат ўчоғи, у дунё цивилизациясига ҳисса қўшган буюк алломалар бешиги эканлиги таъкидланди. Бу заминда азалдан комил инсон тарбиясига устувор аҳамият қаратилган. Бунга ушбу заминда туғилиб вояга етган буюк алломалар ижодию жаҳонгир саркардаларнинг бунёдкорлик фаолияти ёрқин мисол.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда муқаддас динимизнинг асл тинчлик, бағрикенглик, инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, уни турли хуружлардан асраш, илмий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили асосида кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.Ўтган қисқа вақт ичида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани мазкур соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасидир.
Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази – IRCICA бош директори, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Фахрий доктори” Халит Эрен Марказий Осиё халқларининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ўзига хос эканини таъкидлади.
Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Марказий Осиё маданияти тарихига оид манбаларда кутубхоналар ҳақида маълумотлар” мавзусида батафсил маълумот берди.
Анжуманда Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданияти ҳамда ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди.




