«Марказ ва унинг музейи кутганимиздан ҳам кўпроқ таассурот қолдирди» — Венгриянинг собиқ президенти
«Марказ ва унинг музейи кутганимиздан ҳам кўпроқ таассурот қолдирди» — Венгриянинг собиқ президенти
Венгриянинг собиқ Президенти Янош Адер бошчилигидаги 10 дан ортиқ нуфузли меҳмонларнинг Марказга ташрифи тарихий мерос, илм-фан ва маърифат масалаларига бўлган халқаро қизиқишнинг яна бир ифодаси бўлди. Делегация вакилларига Марказнинг ташкил этилиш мақсади, асосий фаолият йўналишлари, экспозициялари ҳамда илмий-маърифий лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф аввалида меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказининг умумий фаолияти билан танишиб, марказнинг узига хос концепциясига эътибор каратдилар. Марказнинг мазмун-моҳияти фақат тарихий ашёларни намойиш этиш билан чекланмаслиги, балки ўтмиш меросини илмий асосда ўрганиш, тизимлаштириш, сақлаш ва замонавий воситалар орқали кенг жамоатчиликка етказишга йўналтирилгани қайд этилди.
Делегация аъзолари экспозиция залларини изчил кўздан кечирди. Уларга ислом цивилизациясининг шаклланиши, Марказий Осиёда ислом дини ва маданиятининг ривожланиши, илмий тафаккурнинг юксалиши ҳамда ушбу ҳудуддан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Экспозицияларда акс эттирилган тарихий жараёнлар орқали меҳмонлар асрлар давомида шаклланган илмий мактаблар, билим алмашинуви ва маданий алоқалар билан танишиш имконига эга бўлдилар. Айниқса, Марказий Осиё заминида етишиб чиққан олимларнинг математика, астрономия, тиббиёт, география, фалсафа, ҳадис илми ва бошқа соҳалардаги илмий изланишлари алоҳида эътибор марказида бўлди.
Ташриф давомида буюк мутафаккирлар ва олимларнинг илмий меросига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларнинг яратган асарлари, илгари сурган илмий ғоялари ва тадқиқотлари нафақат ўз даври, балки кейинги асрлардаги илмий тараққиёт учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилгани ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Меҳмонлар учун Марказдаги тарихий манбалар ва маданий мерос намуналарини замонавий экспозиция усуллари асосида намойиш этиш тажрибаси ҳам қизиқиш уйғотди. Интерактив ечимлар, визуал материаллар ва ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали мураккаб тарихий жараёнларни кенг аудитория учун тушунарли шаклда тақдим этиш имкониятлари намоён этилди.
Делегация ташрифининг яна бир муҳим қисми Марказнинг илмий-маърифий йўналишдаги фаолияти билан яқиндан танишиш бўлди. Меҳмонларга бу ерда тарихий меросни ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш, қўлёзма ва манбаларни тадқиқ этиш, илмий маълумотларни жамлаш ҳамда янги тадқиқотлар учун зарур шароитларни яратишга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Марказнинг илмий фаолияти тарихий меросни фақат сақлаб қолиш эмас, балки уни чуқур ўрганиш ва илмий муомалага киритиш вазифасини ҳам қамраб олади. Шу жиҳатдан, Марказнинг фаолияти тадқиқотчилар, олимлар, талабалар ва тарих ҳамда маданиятга қизиқадиган кенг жамоатчилик учун муҳим илмий-маърифий майдон яратишга хизмат қилмоқда.
Меҳмонлар Марказнинг тарихий меросни халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари билан ҳам қизиқдилар. Турли мамлакатлардан келаётган давлат арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва сайёҳларнинг Марказ фаолияти билан танишиши илмий ва маданий мулоқот учун янги имкониятлар яратмоқда. Бундай ташрифлар орқали Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни, буюк аждодларнинг илмий мероси ва бугунги илмий-маърифий ташаббуслар ҳақида халқаро жамоатчиликка кенгроқ маълумот етказилаётганига эътибор қаратилди.
“Ташрифимиз давомида биз катта таассурот ва сюрпризга дуч келдик. Кўргазма ҳақиқатан ҳам ажойиб таассурот қолдирди. У биз нисбатан кам биладиган тарихий даврлар ва жараёнларни чуқурроқ англаш имконини беради. Энг муҳими, бу ерда анъанавий тарихий ва музейшунослик ёндашувлари замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар билан жуда яхши уйғунлаштирилган.
Умуман олганда, Марказ ва унинг музейи биз кутганимиздан ҳам кўпроқ таассурот қолдирди. Бу ерда тарихий меросни сақлаш, уни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш борасида катта ишлар амалга оширилгани кўриниб турибди. Айниқса, тарихий маълумотлар билан замонавий технологияларнинг уйғунлиги экспозицияни янада жонли ва тушунарли қилган. Бу эса нафақат тарихга қизиқадиган мутахассислар, балки ёшлар ва кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим деб ўйлайман.” - дейди Венгриянинг собиқ президенти Янош Адер










