Мадинадаги Ислом цивилизацияси музейи

Мадинадаги  Ислом цивилизацияси музейи

 

oldpldpld.jpg 

 

Мадинада 2021 йилда очилган Ислом цивилизацияси музейи Мусулмонлар дунёси лигаси томонидан амалга оширилган. Музей кунига 24 соат давомида ишлайди ҳамда Ислом олами тарихи ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётига бағишланган.

Кўргазмада кўплаб расмлар ва интерактив тасвирлар намойиш этилмоқда. Айни пайтда ташриф буюрувчилар учун етти: араб, инглиз, испан, урду, француз, турк ва индонезия тилларидаги маълумотлар тақдим қилинади. Шунингдек, музейда 4DX кинотеатри мавжуд бўлиб, унда Пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ҳақида бир қатор фильмлар намойиш этилади.

Кўргазманинг 25 та павилонидан бири аёлларнинг Ислом тарихидаги қадр-қимматига бағишланган бўлиб, Исломнинг дастлабки даврида саҳобияларнинг рисолатни тарқатишдаги роли, шунингдек ҳозирги пайтда аёлларнинг ҳаётдаги ўрнини намойиш этади.

Бошқа бир павилонда 3D, виртуал ва кенгайтирилган реаллик технологиялари ёрдамида Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий буюмлари, жумладан уй жиҳозлари, кийимлари, поябзаллари ва соч тароқларининг тикланган моделлари кўрсатилиб тавсифланади.

Кўргазмада, шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан кўчиб келганидан кейин У зотнинг номидан тузилган Мадина Конституцияси намойиш этилади. Унда, ўша даврда турли халқларнинг тинч-тотув яшашлари учун тартиб ва шарт-шароитлар белгилаб берилган.

Павилионлардан яна бири Аллоҳнинг 99 исмига бағишланган бўлиб, унда ҳар бир исмга изоҳ берилган. Худди шу павилонда космосга бағишланган ва турли хил астрономик объектларнинг аҳамиятини тушунтирадиган экспонатлар, шунингдек Ер географиясига бағишланган павилионда Аллоҳнинг гўзал яратиғи бўлмиш сайёра ва атроф-муҳитни муносиб сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлайдиган экспонатлар мавжуд.