Маданий меросга эътибор
Маданий меросга эътибор

Бухорода яна бир маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди.
“2020 йил Бухоро Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинганлиги муносабати билан шаҳардаги Шарқ-2 мавзеси ҳудудида жойлашган ХIV асрга мансуб, Боён Қулихон мақбарасида таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ташаббуси билан бошланган мазкур хайрли ишнинг буюртмачиси вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси ҳисобланади. Лойиҳа ишлари Бухоро шаҳар “Моддий ва маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, фойдаланишни ташкил қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши“ МЧЖ томонидан амалга оширилади. Ундан ташқари, ҳудуднинг жанубий-ғарбий томонидан зиёратчилар учун Бухоро меъморчилиги услубида дарвоза ва ҳовуз қурилиши ишлари режалаштирилган.
Барча ер майдонлари ободонлаштирилиб, шаҳримизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва зиёратчилар учун алоҳида таҳоратхона ҳамда барча қулайликларга эга бўлган шарт–шароитлар яратилади.
Ўрта Осиё меъморлиги ноёб намунаси саналган Баёнқулихон мақбараси Бухородаги шайхул олам Сайфиддин Боҳарзий қабри яқинида Чиғатой улуси хони Баёнқулихон қабри устига қурилган. Мақбара биноси мўъжаз ва серҳашам. Айниқса пештоқи майда ва нафис нақшга, сиркор безакларга бой. Ичкариси гумбазли, сиркор безакли зиёратхона ва кичик гўрхонадан иборат. Улар ложувард, феруза, оқ рангли, исломий ва гириҳ нақшли ўймакор сопол парчинлари билан ишланган. Ўрта Осиё мақбараларидаги мана шундай рангдор манзарали безак услуби Самарқанддаги Шоҳизинда ансамбли янада ривож топган.
ЎзА




