Маданий-илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари

Маданий-илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари

 

ngonnkllknokego467rnekrp.jpg

 

Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси Маркази директори, WOSCU Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқов Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро тадқиқот муассасаси — ИРСИКАнинг бош директори Маҳмуд Эрол Қилич билан ишчи учрашув ўтказди.

            ИРСИКА — 57 давлатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳисобланади.

            Учрашув давомида томонлар ИРСИКА ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги самарали ва кўп йиллик ҳамкорликни мамнуният билан қайд этиб, унинг илм-фан ва маданият соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятини таъкидладилар.

            Шунингдек, учрашув доирасида Ўзбекистон тарихида яшаб ўтган буюк ислом уламоларига бағишланган кўп жилдлик Энциклопедия яратиш бўйича ИРСИКА томонидан берилган йирик  лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди. 

            Яқин вақтларда мазкур лойиҳа учун Тошкентда муаллифларни танлаш, илмий кенгашни шакллантириш ва ушбу кенг қамровли нашр устида ишлаш концепцияси юзасидан биринчи қўшма йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.

            Бундан ташқари, ИРСИКА Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маданий-маърифий ташаббуслар ҳамда сўнгги йилларда ИРСИКА ва Ўзбекистон ҳамкорлигида бажарилган  лойиҳаларга бағишланган махсус китоб-альбом нашрини тайёрлаш ташаббуси билан чиқди.

            Учрашув якунида Фирдавс Абдуҳолиқов Маҳмуд Эрол Қилични 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиш маросимига таклиф этди.