Маҳаллаларда “еттилик” тизими

Маҳаллаларда “еттилик” тизими

 

varpprvpryvaparyvaapyvappp.jpg

 

     Президентимиз раислигидаги ўтказилган видеоселектор йиғилиши маҳалла тизимидаги яна бир катта бурилиш нуқтаси бўлди. Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, молиявий манбалар кўрсатилди ва мутасаддилар олдига катта масъулият юклатилди.

     Маҳаллаларда жорий этилган “еттилик” тизими туфайли кредит, субсидия, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасида тақдим этила бошлади. Бу имкониятлар туфайли 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси икки баробарга камайди. 3,5 мингдан ортиқ маҳалла замонавий қиёфа касб этди.

     Янги ёндашувга кўра, ҳар бир маҳаллада аҳоли салоҳияти, меҳнат ресурслари ва мавжуд инфратузилмадан келиб чиққан ҳолда иқтисодий ихтисослашув жорий этилади. Бунинг моҳияти – маҳалланинг аниқ бир соҳа бўйича ривожланишига шароит яратишдир.

     Маҳаллаларга 2 минг квадрат метргача бўш давлат объектларини аукционга чиқариш ваколати берилган. Эндиликда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси бўш турган 5 минг квадратгача бўлган давлат мулкини аукционга чиқариши мумкин бўлади. Сотувдан тушган маблағнинг 70 фоизи маҳалланинг ўзида қолади ва инфратузилмага сарфланади.

     Шу билан бирга, маҳалла биноларини замонавий сервис объектига айлантириш учун тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилади. Жумладан, шаҳар ва вилоят марказида тадбиркорлар томонидан қурилиб, пастки қаватида “маҳалла еттилиги” жойлашадиган бинолар 3 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Қишлоқ жойларда эса бу имтиёзлар 7 йил бўлади. Бино эгаси бўлган тадбиркорлар ушбу муддат давомида фойда ва айланмадан солиқни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.