Маҳалла халқимизнинг асрий қадриятлари

Маҳалла халқимизнинг асрий қадриятлари

 

bez-naz11111111111222223333vania.jpeg

 

Маҳалла халқимизнинг асрий қадриятлари, эзгу анъаналари ва ўзаро меҳр-оқибати мужассам бўлган бетакрор ижтимоий макондир. Инсоннинг қувончи, ташвиши, орзуси, мақсади, оилавий ҳаёти ва жамиятга муносабати, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади. Шу маънода, маҳалладаги муҳит бутун жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайди.

Маҳалла раиси — ҳудуднинг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши лозим. Йиғилишда маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни шунчаки қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши зарурлиги белгиланди. Энди ҳар бир маҳалла раиси ҳудудининг ижтимоий ва иқтисодий буюртмасини шакллантириб, муаммоларни аниқ ҳисоб-китоб қилади, зарур лойиҳаларни тайёрлайди ва масъул ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўяди.

 Шунингдек, хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун бўш ер майдонларини аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.

Маҳалла раиси “еттилик” аъзоларининг ҳафталик ва ойлик иш режаларини тасдиқлаши, ҳар бир аъзога аниқ вазифа бериши ва натижани талаб қилиши белгиланди. Бу маҳаллада “менга тегишли эмас”, “менинг ваколатимга кирмайди” деган қарашга ўрин қолмаслигини англатади. Чунки маҳалла ҳудудидаги ҳар бир оиланинг тақдири, ҳар бир ёшнинг келажаги ва ҳар бир эҳтиёжманд инсоннинг муаммоси “еттилик”нинг умумий масъулияти ҳисобланади.

Ҳар бир хонадон – бир имконият, ҳар бир ташаббус – янги иш ўрни демакдир. Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш шунчаки статистик вазифа эмас. Бу инсоннинг ўз кучига ишончини тиклаш, оилаларга барқарор даромад манбасини яратиш, фарзандлар келажагини таъминлашдир.