«Маҳалла еттилиги» фаолиятининг янги тамойиллари
«Маҳалла еттилиги» фаолиятининг янги тамойиллари

Пойтахтимизда маҳаллаларни ривожлантириш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятининг янги тамойилларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган учрашувда маҳаллани ҳудудий ривожланишнинг тўлақонли марказига айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, эндиликда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳаллаларда бошқарувни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида маҳалла фаолиятини ривожлантиришда янгича ёндашув жорий этилади. Ҳужжат маҳалла ролини кучайтириш, унинг ходимлари масъулиятини ошириш ва аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилишга қаратилган.
Фармонга кўра, ҳар бир маҳалладаги ишлар аниқ вазиятни ўрганиш асосида ташкил этилиши керак. Яъни, ҳудудда қанча аҳоли яшаши, қайси оилалар ёрдамга муҳтожлиги, иш ўринлари етишмаётгани, қандай ижтимоий муаммолар мавжудлиги, нималарни ободонлаштириш ва қандай лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги таҳлил қилинади. Бу алоҳида мурожаатларни кўриб чиқишдан ҳудудни тизимли ривожлантиришга ўтишни англатади.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла учун асосий муаммолар, имкониятлар ва устувор лойиҳалар белгиланади. Жумладан, йўлларни таъмирлаш, кўча ёритилишини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳовлиларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар билан ишлаш каби йўналишлар кучайтирилади.