Қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақи оширилади

Қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақи оширилади

 

risunok4rparvayprimtcitmit678678678678678eroproeoroenomsrotveno467546.png

Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги «Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида қурилиш соҳасига оид қатор муҳим вазифалар белгиланди. Жумладан, ҳужжат билан қурилиш соҳасида пудрат ва лойиҳалаш ташкилотларининг фаолиятини рағбатлантириш, уларни ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Тайёрланадиган қарор лойиҳасида қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, ушбу тўлов миқдорини мамлакатнинг барча ҳудудлари учун тенглаштириш режалаштирилган. Бу норма, аввало, бир хил меҳнат қилаётган қурилиш ходимларининг иш ҳақида ҳудудлар кесимидаги фарқларни камайтиришга қаратилган. Бироқ ҳозирча янги соатлик энг кам иш ҳақининг қанча миқдорда бўлиши аниқ белгиланмаган. Унинг миқдори алоҳида Президент қарори билан белгиланиши кутилмоқда. Қурилиш соҳасига оид янги механизмлар фақат ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш билан чекланмайди.
Ҳужжатга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг смета қийматида пудрат ташкилотларининг режали фойдаси миқдорини 7 фоизгача белгилаш таклиф этилмоқда. Бу ўз навбатида давлат маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш лойиҳаларида пудрат ташкилотларининг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олиш ва соҳада иш юритиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Лойиҳасида қурилиш объектларини лойиҳалаш ишларини молиялаштириш тартибини ҳам такомиллаштириш кўзда тутилган. Бунда молиялаштириш ҳажми объектнинг мураккаблик даражаси ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши режалаштирилмоқда. Шу тариқа мураккаблиги юқори бўлган объектларни лойиҳалаш учун сарфланадиган меҳнат ва ресурслар қийматини адолатлироқ ҳисобга олиш мақсад қилинган.
Қурилиш ташкилотларининг молиявий юкини камайтиришга қаратилган яна бир муҳим таклиф — муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси учун йиғимлар бўйича аванс тўловини камайтириш кўзда тутилган.