Кўҳна Ховоснинг муқаддас қадамжолари
        
        
Кўҳна Ховоснинг муқаддас қадамжолари
 
Ховос мамлакатимизнинг энг кўҳна, тарихий гўшаларидан бири бўлиб, у Уструшона давридаги қадимги сарҳадларида ўз ўрни бўлганлиги тарихий манбаларда келтирилган. Ховос тўғрисида қадимий манбалар, ҳатто зардуштийларнинг муқаддас китоби – “Авесто”да ҳам битиклар мавжуд.
Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти Чоч-Уструшона экспедицияси мутахассислари Эски Ховос шаҳри харобалари ўрнидаги Ховос тепалигида археологик қазишмалар ўтказиб, унда қадимий қатламлар мавжудлигини аниқлашган. Эндиликда эски Ховос ўзининг мустаҳкам истеҳкомларига эга бўлган Сирдарё вилоятининг илк эллинистик даврига оид энг қадимий шаҳри деб ҳисобланмоқда.
Кейинги йилларда Эски Ховос шаҳри харобаларидан топилган ноёб археологик манбалар илмий жиҳатдан ўрганилди. Натижада, А.Грицина ва М.Содиқовнинг ҳаммуаллифлигида “Эски Ховос ва унга қўшни ҳудудлар қадим ва ўрта асрларда” номли китоби нашр этилди. Ушбу асар нафақат қадимги Ховос, балки бутун Сирдарё вилояти тарихини ўрганишда асосий илмий манба саналади.
    



