Кулолчилик жадал ривожлантирилади
Кулолчилик жадал ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021–2023 йилларда кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича истиқболли режалар тасдиқланди.
Белгиланишича, жорий йилда 5 400 дона маҳсулот ишлаб чиқариш назарда тутилган.
Шунингдек, янгидан ташкил этиладиган кулолчилик марказларидаги турар ва нотурар жойлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкалари уларга нисбатан мулк ҳуқуқи кулолларга берилган ойдан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик учун Марказий банкнинг асосий ставкасида 500 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилади.
2021 йил 1 апрелгача уста-шогирд анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.
Халқаро аэропортлар «Duty free» ҳудудларида ва темир йўл вокзалларида кулолчилик ва бошқа турдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси учун махсус жойлар ажратилади.
Бундан ташқари, вазирлик, идоралар, тижорат банклари ҳамда давлат корхоналари 2022 йил 1 сентябргача кулоллар билан тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали кулолчилик маҳсулотларини харид қилиши мумкин.




