Қўқон – “Адабиёт шаҳри”
Қўқон – “Адабиёт шаҳри”

ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳити тутган ўрин беқиёсдир: бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб умргузаронлик қилиб, ижод этган.
Бундан икки аср муқаддам Фарғона тахтига чиққан Амир Умархон (1787-1822) ўн йилдан зиёд ҳукмронлиги давомида Қўқон хонлигини минтақанинг қудратли давлатларидан бирига айлантирди: ҳудудлар кенгайди, ички тартиб-интизом мустаҳкамланди, пойтахтда мадрасаю масжидлар қад ростлади, савдо ва ободончилик ишлари авж олди.
Бироқ бу маърифатли подшоҳ тарихда фақат сиёсий ютуқлари билан қолмади. Умархоннинг энг узоқни кўзлаган ҳисоб-китоби бошқа эди: давлат биноси фақат қўшин ва хазинага эмас, маънавий пойдеворга ҳам таяниши лозим. Шу боис сарой оқшомларида ўтказиладиган мушоиралар кўнгилочар машғулот эмас, давлат сиёсатининг узвий қисми эди. Даврага ташланган ғазалга ҳозир бўлганлар айни вазн ва қофияда жавоб битар, Амирий тахаллуси билан ижод қилган хоннинг ўзи қаламкашларнинг сўз танлашигача синчковлик билан назорат қиларди. Ана шу даврлардан ўзбек мумтоз сўз санъатининг бутун бир мактаби – хонликнинг маънавий бирлигини таъминлаган Қўқон адабий муҳити ўсиб чиқди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳити тутган ўрин беқиёсдир: бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб умргузаронлик қилиб, ижод этган. Шундай истеъдодлар камолга етган шаҳар ЮНEСКОнинг “Адабиёт шаҳри” мақомини олишга ҳам муносиб – юртбошимизнинг бу гапи нафақат фарғоналиклар, бутун адабий жамоатчилик учун катта янгилик бўлди. Зеро, мазкур халқаро мақом ҳозирга қадар дунёнинг саноқли шаҳарларигагина насиб этган.
Шу билан бирга, маърузада ўткир бир танқид ҳам янгради: шунчалик бой мерос ҳанузгача тизимли асосда ўрганилмаган, унга бағишланган илмий тадқиқотлар етарли эмас. Муаммони ҳал этиш йўли ҳам аниқ кўрсатилди, яъни Қўқон адабий муҳити антологиясини ва электрон платформасини яратиш, шаҳарда Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди. Президент ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда ёшлар орасида китобхонликни оммалаштириш ҳар қачонгидан долзарб эканини алоҳида қайд этар экан, жорий йилда вилоятнинг 100 та маҳалласида намунавий кутубхоналар очилишини, бук-кафе ташкил этган тадбиркорлар солиқ ва ижара тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлишини маълум қилди.