Қорахонийлар даврига тегишли ёдгорлик

Қорахонийлар даврига тегишли ёдгорлик

pvpfkpfykp.jpg 

     Нарпай туманининг Тошкўприк маҳалласи ҳудудида аниқланган Қорахонийлар даврига оид Рабинжон ёки айрим манбаларга кўра Арбинжон археологик ёдгорлигидан топилган тураржой асосида жавоб топилди.

     Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти олимлари томонидан  2023 йилда ёдгорликнинг шаҳристон қисмида олиб борилган қазишма ишлари давомида қорахонийлар даврига оид, яъни XI-XII асрларга тегишли тураржой ўрни ва хумдон топилган эди. Бу йил қазишма ишлари давомида ёдгорликнинг ушбу қисмида қорахонийлар даврига тегишли тўрт хонадан иборат тураржой тўлиқ очилди. Ёдгорлик аркида олиб борилган археологик қазишмаларнинг илмий таҳлили натижасида Рабинжон милодий IV асрдан шакллангани, IX асрнинг охири XII аср ўрталарида шаҳар янада кенгайгани маълум бўлган. Бу ердан тангалар, заргарлик, кулолчилик ҳамда турли сопол буюмлар топилиб, улар қорахонийлар даврига оидлиги аниқланди ва ёдгорлик XI-XII асрларга оид деб даврлаштирилди.

     Тарихий манбаларга кўра, Рабинжон милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи ярмида пайдо бўлган. У кўҳна Оромижон шаҳри харобаси ўрнида қурилган. Ўрта асрларга оид тарихий манбаларда Рабинжонга қарашли бўлган Сакон ёки Аскон, Санкабот, Фурфора ва Карзон каби қишлоқлар номи учрайди. Самарқанд – Бухоро карвон йўлида бунёд этилган бу шаҳарнинг шаҳристон қисми илк ўрта асрларда мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган. IX асрнинг охири XII асрнинг ўрталарида шаҳар янада кенгайтирилган.