Конфессиялар кенгаши йиғилишида - Қонун муҳокамаси
Конфессиялар кенгаши йиғилишида - Қонун муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар кенгашининг йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш, шунингдек янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун Кенгаш аъзолари томонидан муҳокама қилинди.
Ушбу Қонун халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕҲХТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Қонун лойиҳасига киритилган бир қатор янги моддалар ҳақида Кенгаш аъзоларига батафсил маълумот берилди ва ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, йиғилишда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бўлган эътибор йилдан-йилга кучайтирилаётгани, бу, айни пайтда, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топгани қайд этилди. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам уларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Йиғилиш якунида барча диний конфессия раҳбарларига Конфессиялар кенгаши аъзолиги гувоҳномаси топширилди.




