Келажак авлодлар учун инвестиция

Келажак авлодлар учун инвестиция

 

vlovpolvapovapovapr.jpg 

 

       Сўнгги йилларда Ўзбекистонда спорт ва туризм соҳаларидаги улкан ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг муҳим устунига айланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18 август куни Тошкентда барпо этилган Олимпия шаҳарчасига ташрифи ҳам ана шу йўналишдаги изчил сиёсатнинг давоми сифатида тарихда қоладиган воқеа бўлди. Ҳудудда қурилган мажмуалар нафақат спортчилар, балки кенг жамоатчилик ҳаётига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

       Қурилиши 2022 йил 9 ноябрда бошланган Олимпия шаҳарчаси 100 гектардан зиёд майдонда жойлашган бўлиб, замонавий спорт объектлари, ўқув-машғулот марказлари, илмий ва тиббий муассасаларини ўз ичига олган мукаммал экотизимдир. Бу шаҳарча нафақат халқаро мусобақаларни ўтказиш имкониятига, балки миллий спортчи ва мураббийлар салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

       Хусусан, велодром, енгил атлетика стадиони, сув спорти саройи, жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари халқаро стандартларга мос равишда қурилган. Қолаверса, барча иншоотлар энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган, бу эса экология ва иқтисодий самарадорликни таъминлайди. Президент таъкидлаганидек, мазкур маскан келгусида мамлакат спорт соҳасининг илмий, амалий ва таълим марказига айланиши кўзда тутилган.

       Муҳими бу шаҳарча нафақат спортчилар, балки оддий фуқаролар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очади. Мажмуада ташкил этилган 15 та очиқ спорт майдони ва спорт залларидан аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин. Бу эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга. Янгидан барпо этилган объектлар соҳага алоқадор юзлаб иш ўринлари яратишга ҳам замин яратади.

 venovenovenovneoven.jpg

 

vpovepolvaegpeolve.jpg