Қатарлик дипломатлар Ислом цивилизацияси марказида

Қатарлик дипломатлар Ислом цивилизацияси марказида

Қатар Давлати Ташқи ишлар вазирлиги вакилларидан иборат делегация Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Ташриф аввалида меҳмонлар Марказнинг меъморий қиёфаси, илмий-маърифий концепцияси ҳамда экспозициялари билан яқиндан танишди. Айниқса, Марказда Ўзбекистон ҳудудидаги цивилизация тарихининг турли даврлари исломдан олдинги ва исломдан кейинги жараёнларнинг изчил ёритилгани меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Экспозициялар орқали ўзбек халқининг қадимий ҳаёт тарзи, маданияти, иқтисодий фаолияти, илм-фан ва маърифат тараққиёти ҳақида маълумот берилиши Қатар вакилларининг алоҳида эътиборини тортди.

Ташриф давомида Қатар Давлати Ташқи ишлар вазирлигининг бош маслаҳатчиси, Дипломатик институт сиёсий иқтисод профессори, доктор Навзад Абдураҳмон ал-Ҳитий Марказ ҳақидаги таассуротларини билдирди.

“Бу Ўзбекистон Президентининг Ислом цивилизацияси, буюк исломий меросни асраб-авайлаш йўлидаги ажойиб ташаббусидир. Ушбу марказ турли даврларга оид экспонатлар тўпламини ўз ичига олган бўлиб, ўзбек халқининг исломдан олдинги ва исломдан кейинги ҳаёт йўли ҳамда маданиятини намойиш қилади. Ўзбек жамияти қандай яшагани, ҳаёт тарзи қандай бўлгани ва ушбу жамиятда иқтисодий фаолият қандай кечганини кўрсатиб беради.

Менинг назаримда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар учун ўзбек олимларининг нафақат исломий илмлар, балки тиббиёт, ҳуқуқ, геология ва бошқа табиий ҳамда гуманитар фанлар соҳасида қўшган ҳиссаларини таништирувчи муҳим платформа бўлади.”

Унинг қайд этишича, аждодларимиз яратган илмий мерос фақат бир ҳудуд ёки бир цивилизация доирасида қолиб кетмаган. Бу билимлар дунёнинг турли минтақаларидаги илмий тараққиётга таъсир кўрсатган.

“Бу илмлардан Ғарб ҳам, бошқа ислом цивилизациялари ҳам, шунингдек, Икки дарё оралиғи, Нил водийси, Рим ва Греция цивилизациялари ҳам фойдаланган. Бу марказ цивилизация нури бўлиб қолаверади ва тарих Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясини асрашдаги ролини ўчмас излар билан ўзида муҳрлайди.”

Шу жиҳатдан Марказ экспозицияларида намойиш этилаётган мерос фақат бир халқ ёки бир ҳудуд тарихига дахлдор эмас. У инсониятнинг умумий илмий ва маданий тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ.

Қатар вакили таъкидлаганидек, бу илмий меросдан Ғарб ва Шарқдаги турли цивилизациялар, жумладан, Икки дарё оралиғи, Нил водийси, Рим ва Юнон цивилизациялари ҳам турли даврларда баҳраманд бўлган.

Бугун Ислом цивилизацияси маркази ана шу тарихий боғлиқликларни илмий асосда ёритиш, буюк аждодларимиз меросини кенг жамоатчиликка етказиш ва турли мамлакатлардан келаётган меҳмонларга Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини намойиш этишга хизмат қилмоқда.

Жаноб доктор Навзад Абдураҳмон ал-Ҳитий фикрича, Марказ ана шу умумий тарихий ва илмий меросни бир маконда мужассам этиб, турли халқлар ўртасидаги илмий-маданий мулоқот учун ҳам муҳим майдонга айланиши мумкин.

Қатар делегациясининг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий алоқалар изчил ривожланиб бораётган бир даврга тўғри келмоқда. Айни кунларда Тошкентда “Ўзбекистондаги исломий маданий мерос ва унинг жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни” мавзусидаги халқаро конференция ҳам ўтказилмоқда. Унда Қатар бошчилигидаги халқаро делегация, олим ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда. (Министерство иностранных дел Катар)

Ташриф якунида меҳмонлар Марказнинг Ўзбекистон ва жаҳон цивилизацияси тарихини ўрганиш, илмий меросни асраш ҳамда уни халқаро жамоатчиликка етказишдаги аҳамиятини юқори баҳолади.