Қашқар маликаси

Қашқар маликаси

afukrykueryukrfyuauc.jpg

         Тарихдан маълумки, қадим Туркистон заминида жуда кўп машҳур маликалар яшаб ўтган. Массагет қавмларидан Тўмарис, Темурийлардан Сароймулкхоним,  Бибихоним, Қўқон хонлигида Анбар отин, Нодирабегим. Биз хикоя қилмоқчи бўлган малика 18-асрда яшаган Шарқий Туркистонлик “Ипархон” маликасидир.

         Қашқар маликаси Ипархон (хитойча Сянфей - хушбўй канизак)
18-асрдаги Хитойнинг Цинлар сулоласига мансуб император Цянлун
(1711-1799) саройида яшаган машҳур уйғур маликаси бўлиб, Туркистонлик йирик аллома Маҳдуми Аъзам авлоди бўлган Қашқарлик Оппоқхўжа сўфининг
(1625-1695) набирасидир.

         Хитойдаги Цинлар сулоласи 1644 йилдан 1912 йилгача ҳукм суриб, атрофидаги ва қўшни давлатларда Тибетда, Шарқий Туркистонда, Ҳиндихитойда босқинчилик юришларини қилган. Ипархон Қашқардаги оқтоғлик хўжа уруғларидан бўлган Хонхўжанинг рафиқаси бўлган, Хонхўжа ўз уруғ-аймоғи, уйғур ва туркий халқлар билан бирга 18-аср ўрталарида Цинлар сулоласидан бўлган Хитой империясига қарши Шарқий Туркистон озодлиги учун курашган. Мазкур курашларда Ипархон эри билан бир сафда урушда қатнашган. Жангларнинг бирида Хонхўжа оғир яраланиб, халок бўлади. Ипархон асирга тушиб Хитой императори Цянлун саройига олиб кетилади.

      Маликани 1760 йилда император хузурига келтиришади. Кексайган Цянлун асира-Қашқар маликасини кўриб, унинг табиий гўзаллиги, беқиёс мафтункорлиги билан бир қаторда ундан таралаётган мўжизавий ҳушбўй ҳидга асир бўлиб қолади ва уйланишга ахд қилади. Ипархон Ватани Қашқарни қўмсаб, ўз марҳум ёрига вафодорлик қилиб, императорга рад жавобини беради ва ўйин кулгуни унутади.

      Ҳукмдор Цянлун қашқар гўзали қалбини эгаллаш учун барча имкониятларини ишга солади, Ипархоннинг турар жойи атрофида Қашқар табиатини, манзарасини, муҳитини яратади хамда мачит қурдириб беради. Лекин Ипархон ўз халқига ва ёрига содиқ холда 28 йил саройда яшайди ва 1788 йилда император ҳарамига кирмаслик учун ўз жонига қасд қилади.

      Императорнинг фармони билан 120 нафар хизматкор иштирокида маликанинг тобути Қашқарга иззату-икром билан кузатилиб, бобоси Оппоқхўжа мақбарасига (Ипархон хилхонасига) дафн этилади.

       Бугунги кунда уйғур халқи тимсолида Қашқар маликаси - Ипархон тарихда озодлик учун курашган, ўз халқига содиқ, ўз ёрига вафодор, жасур ва доно малика сифатида қадрланиб келади.   У хақида кўплаб афсона ва ривоятлар мавжуд бўлиб, кинофильмлар ишланган.