Касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган субсидиялар
Касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган субсидиялар

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағи ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга қаратилган субсидиялар жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб босқичма-босқич ваучер тизимида иштирок этадиган таълим ташкилотлари ўқитувчилари ва усталари учун мутахассислиги бўйича диплом ёки малака паспорти (сертификат)га эга бўлиш талаби жорий этилади. Мазкур сертификатлар малакани баҳолаш марказлари томонидан берилади.
Аҳоли бандлигини ошириш ва меҳнат муносабатларини ислоҳ қилиш доирасида Жаҳон банкининг 100 млн доллар миқдоридаги қарз маблағини жалб этиш бўйича таклиф киритиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 2026 йилда 1 миллион норасмий иш ўринини легаллаштириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамда мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Белгиланган тартибга кўра, ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган норасмий бандлик ҳолатлари юзасидан иш берувчиларга “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали огоҳлантириш юборилади. Агар қонунбузилиш уч иш куни ичида бартараф этилмаса, Давлат меҳнат инспекцияси текширув ўтказади. Шу билан бирга, бир ой ичида ходимлар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилиб, ҳисобланган иш ҳақи тўлиқ тўланса, иш берувчилар маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда тасдиқланган норасмий бандлик ҳолатлари ҳамда ходимларга энг кам иш ҳақидан паст маош ҳисоблаш қўшимча салбий мезон сифатида инобатга олинади.