Қаҳрамон Сариев: "Умуммиллий бирдамлик Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир"

 

Қаҳрамон Сариев: "Умуммиллий бирдамлик Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир"

Тошкент шаҳрида "Умуммиллий бирдамлик — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!" мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини давом эттирди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги янгради. Қўмита раиси давлат раҳбарининг табриги кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирувчи, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамловчи муҳим дастурий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Нутқда юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик тасодифий ҳолат эмаслиги, балки Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил давлат сиёсатининг амалий натижаси экани қайд этилди. Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечираётгани, уларнинг ўз тили, маданияти, миллий қадрият ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани таъкидланди.

Шунингдек, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, фуқароларга миллати ва динидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканига эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижасида мазкур соҳада янги институционал ва ҳуқуқий тизим шакллантирилгани, 2025 йилда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш қўмитасининг қайта ташкил этилгани бу йўналишга давлат томонидан юксак эътибор қаратилаётганининг яққол ифодаси сифатида баҳоланди.

Қаҳрамон Сариев 30 июль санаси қонун билан Халқлар дўстлиги куни сифатида белгилангани мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 24 июлидан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларида Дўстлик фестивали доирасида халқ сайиллари, концерт дастурлари, илмий-анжуманлар, миллий маданий марказлар иштирокида кўргазмалар ва турли маърифий тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Нутқ давомида мазкур халқаро конференция ҳам Дўстлик фестивалининг энг муҳим тадбирларидан бири экани, унда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик олим ва экспертлар, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар иштирок этаётгани анжуманнинг нуфузини янада ошираётгани қайд этилди.

Шунингдек, фестивал доирасида вазирлик ва идоралар, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ва хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган юзга яқин фаолнинг «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланиши режалаштирилгани маълум қилинди.

Сўзининг якунида Қаҳрамон Сариев конференция давомида илгари суриладиган ташаббус ва таклифлар жамиятда умуммиллий бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончни юксалтириш, мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш ҳамда хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.