Кандакорлик санъати

Кандакорлик санъати

sthstrhserhgserhshesrh.jpg

         Кандакорлик санъати - халқ амалий санъати йўналиши бўлиб, ўймакорликнинг металл буюмларни ўйиб, нақшлар, тасвирлар, безаклар тайёрлайдиган турига киради. Буюмларни безашда кандакор - ўювчи уста томонидан қолип, турли симлар ёрдамида, шунингдек буюмларнинг қисмлари (қопқоқ, даста, жўмрак) ва икки  қаватли буюмларни безашда  шабака  (панжарали қилиб ишлаш) каби усуллари қўлланилади ҳамда ананавий ўсимликсимон (ислимий) ва хандасавий  (гирих) нақшларидан намуналар яратилади. Бугунги кунда аксарият кандакорликда асосий ишлатиладиган металл буюм мис бўлгани учун кандакорлик баъзида мисгарлик деб юритилади.

         Металл буюмларга  ишланадиган нақш ва тасвир замини пўлат қаламлар ёрдамида чуқур ва сайёз ўйилади, ўйилган жойлар рангли локлар билан бўялади, пардозланади, чекма, ўйма, катак, параллел кесма чизиқлар билан жило берилади.  Тошкентда илк бор 1930-йилларда металл буюмлар сиртига кимёвий моддалар таъсир эттириб нақш, тасвир яратиш усули кўлланила бошлаган.

         Ўзбекистонда кандакорлик санъати узоқ тарихга эга бўлиб, қадимдан ривожланиб, шаклланиб келган. Тарихий манбаларга кўра,  юртимиз ҳудудида топилган археологик  топилмалар ичида Фарғона водийсидан топилган  милоддан аввал V-VI асрларга мансуб бўлган бронза қозон,  милоддан аввалги IV-II асрларда  Сурхондарё вилоятидаги Амударё хазинаси таркибидаги ҳамда Самарқанд Регистонидан топилган  қимматбахо металл ҳайкалчалар, буюмлар бунга яққол мисол бўла олади.      Дастлаб металл буюмларга афсонавий қахрамонлар, жониворлар тасвирланган, араблар истилосидан кейин тасвирлар ўрнини ислимий ва хандасавий нақшлар, безак даражасига етказиб ишланган арабий ёзувлар ва муқаддас оятлар битилган.

srhsryus5uy45uw45u6e4.jpg

       Темурийлар даврига келиб кандакорлик санъати янада ривожланиб, янги усуллар юзага келиб, безак турлари кўпайиб, шаклланди.   XVIII-XIX асрларга келиб, Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Қарши, Шахрисабз, Тошкент каби шаҳарларда кандакорлик марказлари ташкил этилган.

      Бугунги кунда Республикамизнинг барча вилоятларида кандакорлик мактаблари, марказлари шаклланган бўлиб, улар мустақил базасига эга, шунингдек  хар бир вилоят усталари ўз йўналишлари бўйича, уста-шогирд ананаларига риоя қилган ҳолда меҳнат қилмоқдалар.